Уважаемые пользователи Голос!
Сайт доступен в режиме «чтение» до сентября 2020 года. Операции с токенами Golos, Cyber можно проводить, используя альтернативные клиенты или через эксплорер Cyberway. Подробности здесь: https://golos.io/@goloscore/operacii-s-tokenami-golos-cyber-1594822432061
С уважением, команда “Голос”
GOLOS
RU
EN
UA
bakhtiyor
6 лет назад

Тилшунослик самара берсин

ТИЛШУНОСЛИК САМАРА БЕРСИН

Ўзбек тилшунослиги бўйича ҳозирги тадқиқотларда кўп ҳолларда амалий аҳамиятсиз, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий самарадан холи, фақат “тил ўзида”, “тилшунослик илмий даражалар учун” тамойиллари асосида иш кўрилади. Бу аксарият тадқиқотларнинг аллақачонлар эскириб кетган андоза ва ўтмишда қолган талаблар асосида амалга оширилаётганлигидан ҳам маълум.
Муаммо аломатлари қуйидагиларда кўзга ташланади:
тилшунослик доирасидаги давлат илмий тадқиқот грантларига даъвогар ҳар қанлай анъанавий мавзудаги лойиҳани долзарблигидан қатъи назар, ўзаро шахсий ёки бошқа муносабатлар асосида тўла маъқуллаш ёки осонгина рад этиш мумкин;
аниқ, табиий, иқтисодий фанлар бўйича янги талаблар асосида диссертация ҳимояларига кенг йўл бўлгани ҳолда, тилшунослик соҳасида кўплаб сунъий чеклов ва уларни “айланиб ўтиш” имконияти мавжудлиги;
лингвистик йўналишда тайёрланган ва ҳимояга қўйилган ҳар қандай диссертацияни субъектив асосда, сифати ва аҳамиятидан қатъи назар, истаганча юқори баҳолаш ёки хоҳлаганча чиппакка чиқариш мумкин.
Бу – аччиқ ҳақиқат.
Муаммо сабаби шундаки, собиқ тузум даврида тилшунослик бўйича илмий ишлар давлат буюртмаси асосида эмас, балки фақат тадқиқотчилар ташаббуси билан, асосан, илмий даража олиш мақсадида олиб борилар, фан харажатлари ҳам аслида аниқ ва табиий фанларга ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланганлиги сир эмас. Бугунги кунда мақсадли талаб ва таклиф муносабатига эътибор қаратмайдиган социалистик тилшунослик фани тўла-тўкис инқирозга юз тутди дейиш мумкин. Аниқроғи, алмисоқдан қолган мақсад ва фойдасиз вазифалар асосида иш кўраётган, натижаларини истеъмолчилар сўрамаётган “жонсиз” ва амалий татбиқсиз мазмундаги тилшунослик фани тўлиқ боқиманда соҳага айланиб қолган десак, муболаға бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳимояга қўйилган диссертацияларга ОАК томонидан билдирилаётган асосий ва ҳақли эътироз – улар натижаларининг, юмшоқроқ айтганда, амалиётга татбиқ этилмаганлиги (аслида татбиқ этиб бўлмаслиги) дир. Ҳатто янги йўналишлар сифатида қаралувчи, аслида Ғарбга тақлид руҳидаги социолингвистика, “гуркираб ривожланаётган”, когнитив тилшунослик, лингвокультурология соҳалари ҳам ижтимоий тараққиёт учун қай даражада аҳамиятли эканлигини, тилни ёки ундан фойдаланишни қанчалик такомиллаштириши ҳақида озгина ўйлаб кўриш уларнинг моҳиятини англашга етарли.
Ҳар қандай тадқиқот бевосита ёки билвосита ё ўрганиш объектини, ёки ундан фойдаланишни такомиллаштириш билан шуғулланади. Шу маънода тилшуносликдаги анъанавий луғатшунослик соҳаси билан боғлиқ ишлар, гарчи саноқли бўлса-да, таҳсинга лойиқ, албатта.
Тилшунослик ўтган асрда шахс саводхонлиги учун лингвистик база тайёрлаш мақсадида таълимий йўналишда ривожланган бўлса, ХХI асрда унинг компьютер “саводхонлиги”, яъни компьютернинг табиий тилни “эгаллаши” учун математик моделлаштиришга, шахс маънавияти ва маданиятини юксалтиришга хизмат қиладиган замин ҳозирлаши жуда зарур. Шу маънода ўзбек тилшунослиги (математик) моделлаштирувчилар, гиперлексикография мутахассислари, маънавий-маърифий тузилмалар томонидан бериладиган тизимли буюртмаларни кутиб қолмоқда.
Мамлакатимизда шиддат билан ривожланаётган бозор муносабатлари тилшуносликнинг мақсадли йўналтирилган, истеъмолчи талаби асосида бажариладиган иқтисодий ва ижтимоий самарадор соҳалари ривожланишини кучли тақозо қилаётир.
Муаммо ечими қуйидагиларда намоён бўлади:
биринчидан, тегишли соҳа вазирлик ва қўмиталари, корхона ва ташкилотлари лингвистик тадқиқот йўли билан ҳал қилинадиган масалаларни аниқлаб, муаммолар банкини яратиш, уларни фан йўналишлари бўйича таснифлаш, илмий иш бажарувчи ташкилот ва корхоналарга юбориши лозим;
иккинчидан, тилшунослик бўйича фаолият юритадиган илмий ва ўқув-илмий муассасалар тегишли соҳалардаги тадқиқот йўли билан ҳал қилинадиган масалаларни аниқлаш, муаммолар банкини яратиш ва таснифлашда уларга кўмаклашиши зарур;
учинчидан, тил муаммолари бўйича фаолият юритадиган илмий ва ўқув-илмий муассасалар ички имкониятидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш соҳалари бўйича фундаментал, инновацион ва амалий тадқиқотларни ичига оладиган хизмат тизими ва структурасини ишлаб чиқиши керак;
тўртинчидан, тегишли фан йўналишлари бўйича фаолият юритадиган илмий ва ўқув-илмий муассасалар ишлаб чиқариш соҳалари бўйича фундаментал, инновацион ва амалий тадқиқотларни ичига оладиган хизматларини таклиф этиш лозим;
тўртинчидан, юридик шахсларнинг ушбу фан йўналишларига ҳомийлик хизматини жорий қилиш ва бунинг учун уларга имтиёз ва қулайликлар яратилиши керак.
Тилшунослик фан ва ишлаб чиқариш узвийлиги тизимида бундай йўсинда иш юритишга ҳали ўтгани йўқ. Масалан, информацион технологиялар учун ўзбек тилининг лингвистик базасини яратиш ёки тил ва маънавият яхлитлиги ҳақида гап кетар экан, маънавий-маърифий фаолият самарадорлиги учун зарур тилшунослик тадқиқотларига тегишли муассасалардан ҳануз бирорта ҳам буюртма берилгани йўқ десак, хато бўлмайди. Ҳолбуки, янги асрда фақат амалий татбиққа эга, натижаларини истеъмолчилар сўрайдиган ва уларга ижтимоий-иқтисодий самара таклиф этадиган тилшунослик ўз кучи билан яшашга ҳақли.

Бахтиёр Менглиев
Алишер Навоий номидаги
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти
университети профессори,
филология фанлари доктори

0
0.016 GOLOS
На Golos с December 2017
Комментарии (9)
Сортировать по:
Сначала старые